2012 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган Ўзбекистонда стадионлар ва меҳмонхоналарнинг ҳолати, умумий инфратузилмаларни текшириш мақсадида 11 кишидан иборат ФИФА делегацияси юртимизда меҳмон бўлди. Аввалига Тошкент, кейин эса Самарқанддаги иншоотларнинг ҳолатини кўздан кечирган делегация бугун эрта тонгдан Бухорога йўл олишди. Бу ҳақда ЎФФ расмий твиттери.
Тошкент халқаро аэропортида соат 7:40дан делегация аъзолари Бухоро шахрига учиб кетишди ва 40 дақиқалик парвоздан сўнг Бухоро шаҳрига етиб келишди. Делегация Бухоро шаҳридаги «Гранд Бухоро» меҳмонхонасида кичик йиғилиш ўтказди. Унда қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб олинди.
Шундан сўнг ФИФА делегациясининг бир қисми қайта таъмирланаётган «Бухоро ССМ» стадионига ташриф буюришди. Делегация Бухоро стадионидаги қурилиш ишлари ва стадион аҳволи билан танишишди.
«Бухоро ССМ» стадиони 2002 йилда қурилган бўлиб, айни пайтда Жаҳон чемпионати учун қайта таъмирланяпти. Стадиони 20 минг ишқибозга мўлжалланган бўлиб, вилоятдаги бош спорт аренаси ҳисобланади», деб ёзади ЎФФ расмий твиттери.
Стадионни текширувдан ўтказган ФИФА вакиллари Бухородаги ўзгаришлар бўлганини таъкидлаб ўтишди. «Бухорода аввалги ташрифдан сўнг берилган танбеҳлардан тўғри хулоса чиқарилган. Олдинга қадам ташланган. Шу руҳда давом этиш керак. Стадионидаги реконструкция лойиҳаси тўғри йуналишда, аммо барибир хорижлик мутахассисларнинг консультациясига эҳтиёж катта», дея ФИФА делегацияси вакилларининг сўзларидан иқтибос келтириб ўтди ЎФФ твиттери.
ФИФА делегациясининг текширувларни ўтказишида уларга ЎФФ Бош котиби С.Раҳматуллаев ҳам ҳамроҳлик қилди. Шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокими Х. Камилов ҳам уларни объектлар билан таништириб борди.
ФИФА делегациясининг бир қисми эса тушлик вақтига қадар Бухородаги меҳмонхоналарни кўздан кечирди. Текширув натижасида ҳисобот учун баъзи маълумот тўпланди.
Бухоро стадионини ипидан-игнасигача кўриб чиққан ФИФА делегацияси машғулот майдонларини ҳам синчиклаб ўрганди. Шунингдек делегация Бухоронинг «Ёшлик» аёллар футбол клуби аъзолари билан ҳам учрашишди. Футболчилар ФИФА вакилларига имзолар туширилган тўп совға қилишди. Учрашув давомида «Ёшлик» аёллар футбол клуби ЖЧни ўтказиш ҳуқуқини Ўзбекистонга тақдим қилганлиги учун ФИФАга ташаккур изҳор қилишди.
ФИФА делегацияси вакилларидан бири Татяна Хенни Бухорода аёллар футболига берилаётган эътиборни эътироф этди. «Бухорода аёл-қизларнинг футбол ўйнаётганлигини кўрдим. Тарғибот-ташвиқот ҳам кучли», дейди Хенни.
Стадион ва меҳмонхоналарни кўздан кечирган ФИФА делегацияси, шунингдек, Бухоро футбол клуби мактабига ҳам ташриф буюриб, шароит ва имкониятлар билан танишди. Делегация вакили Оливер Вогт Бухорода тайёргарлик борасида ўсиш борлигини таъкидлаб ўтди. «Бухорода тайёргарлик учун куч ҳам, имконият ҳам етарли. Тайёргарлик борасида силжиш бор. Салоҳият бор. Бироқ, ишни тўхтатиб қўймаслик керак», дейди Вогт.
ФИФА Бухорода текширилиши лозим бўлган объектларнинг барчасини кўриб бўлгач, куннинг иккинчи ярмида ташриф якунлари бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилиш «Заргарон плаза» меҳмонхонасида бўлиб ўтди.


